Тарих
📜 Маккага муаззин бўлган чўпон қиссаси
Абу Маҳзура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайндан қайтаётган эдилар. Йўлда у киши билан учрашдик. Намоз вақти бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муаззинга азон айтишга амр қилдилар.
Биз ҳаммамиз азондан ва муаззиндан нафратланар эдик. Шунинг учун, биз дўстларим билан азонни масхара тарзида тақлид қилиб айтишни бошладик. Мен бор овозим билан муаззинга ўхшаб азон айтишни бошладим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг овозимизни эшитдилар ва ҳаммамизни чақиртирдилар. Барчамизни ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб боришди. У Зот: «Сизлардан қайсингизни овозингиз энг баланд?» деб сўрадилар. Ҳамма дўстларим мен тарафга ишора қилдилар. Уларнинг гаплари тўғри эди, ҳаммаларидан менинг овозим энг баланд эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга индамадилар-да, менга: «Тур ва азон айт», дедилар.
▫️Абу Маҳзура розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени азон айтишга буюрганларида, мени ҳолим шундай эдики, азон айтиш мен учун жудаям ёқимсиз юмуш эди. Лекин мен мажбур эдим, ночор ҳолимда буйруқни бажардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари менга азон калималарини ўргатиб турдилар. Айтдиларки: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» дегин.
Мен бу калималарни баланд овоз билан айтдим. Вақтики, менга тавхид ва рисолатни, шаҳодат калималарини ўргатганларида, уларни айтишга мажбур эдим, шунинг учун пастроқ овоз билан айтдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тавҳид ва рисолатни, шаҳодат калималарини иккинчи маротаба айттирдилар. Шу пайтда дилимнинг дунёси ўзгариб кетди. Шунда баланд овоз билан ўша калималарни айтдим, кейин охиригача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга калималарни талқин қилиб турдилар ва мен айтишда давом этдим.
Азон тугаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир халта бердилар, унда бир қанча кумушлар бор эди. Кейин бошимнинг олд томонига муборак қўлларини қўйиб қалбимга, кўксимга, чеҳрамга, жигаримга, ҳатто киндигимгача қўлларини айлантирдилар. Кейин: «Аллоҳ таоло сени зоҳирий ва ботиний баракотлар билан тўлдирсин», деб дуо қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони мен учун уч маротаба қайтардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидан ва муборак қўлларининг баракотидан менинг дилимдан куфр ва нафратнинг лаънати даф бўлди. Иймон ва муҳаббатнинг давлати насиб бўлди ва мен Исломни қабул қилдим".
Ҳазрат Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан бирга кетсанг сени Маккага муаззин қиламан», дедилар. Улар билан бирга кетдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Масжидул Ҳаромга муаззин этиб тайинладилар». (
https://t.me/islomuz)▫️Изоҳ: Ҳазрат Абу Маҳзура розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азон ўргатишлари воқеаси ҳижрий 8 санада бўлган. Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотидан қайтиб келаётганларида содир бўлган.
Абу Маҳзура ўша кундан бошлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўллари теккан бошдаги сочларини асло олдирмасликка қасам ичди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам силаган ва барака тилаб дуо қилган сочни асло олдирмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга ва зурриётига қилган дуолари ижобати ўлароқ, Абу Маҳзуранинг авлодлари қарийб 300 йил давомида азон айтиб келишди. Улар раббоний, олтин овоз соҳиблари эдилар.
https://apps.apple.com/gb/app/ҳикматлар/id1367114924 |
https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.arabic.hikmatlar&pli=1 https://www.instagram.com/arabicuz/ |
https://www.facebook.com/groups/arabic.uz/ |
https://twitter.com/arabicuz |
https://www.tiktok.com/@arabicuz |
https://www.youtube.com/channel/UC_14dFFh7CjBH4UguCyKmgw/playlists